Менга бошқарув кейсига оид масала билан мижоз консультация учун мурожаат қилди. Унинг розилиги билан ушбу ҳолат профессионал таҳлил учун келтирилмоқда. Олдиндан таъкидлайман: махфийликни таъминлаш мақсадида айрим маълумотлар ва баён тафсилотлари ўзгартирилган, ҳар қандай ўхшашликлар тасодифий бўлиши мумкин.

Тадбиркор ходимлар билан тўлиқ таъминланган, жараёнлари йўлга қўйилган ва амалдаги шартномаларга эга бўлган ишлаб чиқариш корхонани сотиб олди. Директор лавозимига унинг ўғли тайинланди. Ижро этувчи ходимлар сақлаб қолинди, мулкдор барча муҳим йўналишлар устига - “қараб турувчилар” - қариндошлар доирасидан бўлган ишончли одамларни қўйди. Шу тариқа, молиявий йўналиш турмуш ўртоғи назоратига ўтди, ишлаб чиқариш, логистика ва омборлар эса ака-укалар ҳамда бошқа қариндошлар бошқарувига топширилди.

Янги ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш учун банк кредитини олди. Мавсум бошланиши билан корхона харидорлар билан шартномалар тузди ва олдиндан тўловларни олди.

Бир куни бош ҳисобчи мулкдорни тизимли ўзлаштиришлар ҳақида хабардор қилди: масъулият доирасига бириктирилган қариндошларнинг ҳар бири пул маблағларини ёки завод маҳсулотини очиқ равишда ўзлаштириб келган. Натижада шартнома мажбуриятлари бузилди. Корхона харидорлардан олдиндан олинган тўловларни жарима санкциялари билан қайтаришга мажбур бўлди. Банк кредит бўйича тўловларни фақат дастлабки икки ой қабул қилди - шундан сўнг корхона кредитга хизмат кўрсата олмай қолди.

Бошқарув текширувини ўтказиш ўрнига, мулкдор бош ҳисобчи билан кескин зиддиятга киришди ва уни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди. Ходим ҳисобот йилини тўғри ёпди ва шундан сўнг ишдан бўшади.

Бир неча ой ўтгач, завод тўловга қобилиятсиз бўлиб қолди. Актив қарзлар сабабли банк томонидан олиб қўйилди.

Мазкур кейс бўйича мижоз қуйидаги саволларни берди:

  1. Дефолт нима сабабдан юз берди ва уни олдини олиш мумкин бўлганмиди?
  2. Ушбу вазиятда HR-менежер қандай йўл тутиши керак эди?
  3. У бундай якуний натижани олдини олишга қодир бўлганмиди?

Бу саволларга жавоб бериш учун инсоний омилларни - ҳиссиётлар, мотивлар ва қадриятларни - четга суриб, ҳолатни бошқарув вазифаси сифатида кўриб чиқамиз.

Мазкур вазиятда қуйидаги асосий элементларни ажратиб кўрсатамиз:

  • бошқариш системаси (бошқарув тизими);
  • бизнес (бошқариладиган тизим);
  • кредит мажбуриятлари;
  • олдиндан тўловлар ва шартнома мажбуриятлари;
  • бизнес ресурслари;
  • молиявий йўқотишлар (ўзлаштиришлар, оқишлар, ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш);
  • бошқарув ва операцион хатолар;
  • мавжуд ресурсни камайтирувчи харажатлар ва йўқотишлар.

Ушбу элементларни мантиқий ўзгарувчилар тизимига ўтказамиз ва уларга қуйидаги шартли белгиларни берамиз:

  • Cm - бошқарув тизими;
  •  - бизнес;
  • L - кредит мажбуриятлари;
  • P - олдиндан тўловлар ва мижозлар олдидаги шартнома мажбуриятлари;
  • F - молиявий йўқотишлар;
  • D - бошқарув ва операцион хатолар (норасмий қарорлар, ролларнинг такрорланиши, манфаатлар тўқнашуви ва бошқалар);
  • R - бизнеснинг ялпи ресурси;
  • E - харажатлар ва ресурс йўқотишлари.

Мулоҳазани ифодалаш учун қуйидаги мантиқий белгилар қўлланилади:

  • « < » / « > » - тизимларнинг мураккаблик даражасини сифатли баҳолаш (кўпроқ/камроқ);
  • «+» - омилларнинг биргаликдаги таъсири (агрегация);
  • «∧» - шартларнинг бир вақтда бажарилишини кўрсатувчи мантиқий конюнксия ("ВА");
  • «⇒» - мантиқий натижа.

Бизнинг бошқарув вазифамизнинг ечимини қуйидаги ифода орқали ёзиш мумкин:

(Cm < Cβ) ∧ (L+P+F+D > R-E) ⇒ дефолт

Олинган натижани талқин қилишга ўтамиз.

Cm - бошқарув тизими қуйидаги белгилар билан тавсифланади:

  • қарорларни субъектив тарзда қабул қилиш;
  • қариндошлик алоқалари орқали назорат ва норасмий ҳокимият марказларининг мавжудлиги;
  • корпоратив бошқарувнинг йўқлиги (мулкчилик, бошқарув ва назорат функциялари ажратилмаган);
  • муаммолар ҳақидаги ахборотни шахсий ҳужум сифатида қабул қилиш.

Cβ - бизнес тизими қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • корхона моддий-техник база вазифасида;
  • ишлаб чиқариш, молия, логистика, омбор ва бошқа бўлинмалар;
  • банк кредити;
  • олдиндан тўловлар ва шартнома мажбуриятлари;
  • шартномалар бузилганда жарималар;
  • ташқи контрагентлар ва банкка боғлиқлик.

Кўриниб турибдики, Cm кам элементли, оддий боғланишларга эга ва ички доирага ёпиқ тизим эди. Ташқи томондан қаттиқ назоратга ўхшаган бўлса-да, амалда у бошқарувни кучайтирмади, балки уни ишонч ва садоқат билан алмаштирди.

Ёпиқ тизимларда вақт ўтиши билан тартибсизлик (энтропия) ортиб боради, бу эса барқарорликнинг йўқолиши ва тизимнинг емирилишига олиб келади (термодинамиканинг иккинчи қонунига мувофиқ).

Cβ, аксинча, мураккаблашди: элементлар сони кўпайди, жараёнлар ўзаро боғлиқ бўлди, ташқи муҳит билан алоқалар кучайди. Хатоларнинг нархи кескин ошди, шундай қилиб, биз икки тизимнинг сифат жиҳатидан тенгсизлигини қайд этамиз:

(Cm < Cβ)

Вазифанинг иккинчи шарти - қайтмас нуқтани аниқлаш.

L + P + F + D - тизимга тушаётган умумий босимни билдиради, қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • кредит юки;
  • олдиндан тўловлар ва шартномалар бўйича мажбуриятлар;
  • тўғридан-тўғри молиявий йўқотишлар;
  • бошқарув ва операцион хатолар.

R - E - харажатлар ва йўқотишлар чиқарилгандан кейинги бизнеснинг реал ресурсини англатади.

(L + P + F + D > R - E) тенгсизлик умумий босимнинг мавжуд ресурсдан ошишини билдиради.

Бу бошқарувчанликнинг йўқолиши ва қайтмас инқироз бошланиши нуқтасидир.

Дефолт икки шарт бир вақтнинг ўзида бажарилганда юз берди, бу мантиқий конъюнкция (∧) орқали ифодаланади:

  • бизнес мураккаблиги бошқарув тизими имкониятларидан ошди;
  • молиявий юклама ва бошқарув хатолари мавжуд ресурсдан ошди.

Формал тарзда қуйидагича ифодаланади:

(Cm < Cβ) ∧ (L+P+F+D > R-E) ⇒ дефолт

Мазкур мисол У.Р. Эшбининг зарурий хилма-хиллик қонунига мувофиқ келади, у қуйидагини таъкидлайди:

Агар бошқарувчи тизим бошқарилаётган тизимга нисбатан камроқ мураккаб бўлса, у мослашиш ва барқарор назорат қобилиятини йўқотади.

Бошқача айтганда, мураккаблиги юқори бўлган тизимни мураккаблиги паст бошқарув воситалари билан оқибатсиз бошқариш мумкин эмас.

Инқирозни олдини олиш мумкинмиди?

Назарий жиҳатдан - ҳа. Икки эҳтимолий йўл мавжуд эди: бошқарувни мураккаблаштириш ёки бизнесни соддалаштириш.

  1. Cm = Cβ - бошқарув тизимини бизнес мураккаблигига мослаштириш, бу эса қарорларни расмийлаштириш, функцияларни ажратиш, мустақил молиявий назоратни жорий этиш ва оилани операцион бошқарувдан чиқаришни англатар эди.
  2. Cm > Cβ - мавжуд клан бошқарувини сақлаб қолиш учун бизнесни соддалаштириш: банк кредитлардан воз кечиш, олдиндан тўловлар билан ишламаслик, шартнома мажбуриятларига кирмаслик, ишлаб чиқаришни соддалаштириш ва кенгаймаслик.

Амалда эса энг ёмон вариант танланди - мураккаб тизимни соддалаштиришга уриниб, уни қўлбола тарзда бошқаришга ҳаракат қилинди.

Ушбу тизимда HR нинг роли қандай эди ва у натижага таъсир кўрсата олганмиди?

Бу ҳолатда HR бошқарув субъекти ҳисобланмаган, чунки у корхона мулкдорининг оила таркибига кирмаган. Корхонада асосий қарорлар расмий тузилмаларга таянмаган ҳолда қабул қилинган, ҳақиқий ҳокимият қариндошлар қўлида жойлашган, HR-менежер эса мазкур жараёнга жалб этилмаган.

Инқироз манбаи ходимларни бошқаришда эмас, балки бизнесни бошқариш тизимида эди. Шу сабабли ҳар қандай HR-қарорлар мавжуд ҳолатга мос келмас эди ёки самарасиз бошқарув моделини қўллаб-қувватлаш воситасига айланиб қолар эди.

Бундай вазиятда HR учун мумкин бўлган ягона ҳаракат - диагностика ўтказиш, тизимли хавфларни қайд этиш ва «қутқарувчи» ролини ўйнамаслик, яъни қабул қилмаган қарорлар учун масъулиятни ўз зиммасига олмаслик эди.

Клан бошқаруви - зарарлими?

Йўқ. Бугунги кунда кўплаб муваффақиятли оилавий компаниялар мавжуд. Уларнинг барқарорлиги оилавийлик билан эмас, балки институционал ва мослашувчан бошқарув тизими орқали таъминланади. Унда мулкдорлар стратегия ва қадриятларни белгилайди, бироқ операцион бошқарувдан чекинади.

Машҳур оилавий компанияларга мисоллар: Walmart (Уолтонлар оиласи), Samsung Group, Toyota Motor Corporation, Ferrero Group, Bosch ва бошқалар.

Мижозга жавоб

  1. Инқироз бизнес мураккаблиги ва қўлланилган бошқарув модели ўртасидаги номувофиқлик натижасида юз берди.
  2. Ушбу вазиятда HR-менежер фақат тизимли хавфларни қайд этиши ва ўзи қабул қилмаган бошқарув қарорлари учун
    жавобгарликни олмаслиги мумкин эди.
  3. Мутахассис инқирозни бартараф этиш имконияти бўлмас эди, чунки сабаблар унинг таъсир доирасидан ташқарида жойлашган эди.

Изоҳ

Мақолада келтирилган формула бошқарув вазиятидаги сабаб-оқибат боғланишларини кўрсатиш мақсадида қўлланилган бўлиб, математик исбот сифатида даъво қилмайди.

Муаллиф мазкур бошқарув вазифасини таҳлил қилишда қуйидаги концепцияларга таянган:

  • тизимли ёндашув;
  • зарурий хилма-хиллик қонуни (У.Р. Эшби);
  • ташкилотларнинг ҳаёт цикли (И. Адизес);
  • ташкилий тузилмалар ва роллар (Г. Минцберг);
  • чекланган ратсионализм (Г. Саймон);
  • классик менежмент (П. Друкер).